Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мутахассислари фикрича, дунёда ҳавонинг ифлосланиши туфайли нафас йўллари хасталикларидан ўлиш ҳолатлари кўпаймоқда. 2050 йилга бориб бундай ҳолатлар сони икки баравар ортиб, 3,6 миллионга етади. Мутахассислар тайёрлаган «2050 йилгача атроф муҳит ҳолати истиқболлари: бефарқлик оқибатлари» деб номланган лойиҳада инсон саломатлигига таъсир кўрсатувчи «табиий омиллар» орасида ифлосланган ҳаво биринчи ўринга қўйилган. Шунингдек, бу каби омиллар қаторида сифатсиз сув ва абгор санитария шароитлари ҳам тилга олинган. ИҲТТ ҳавода чанг зарралари миқдорининг ортишидан хавотир билдирган. Чанг зарралари, айниқса, Хитой ва Ҳиндистон аҳолиси саломатлигига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, олимлар дунё аҳолиси сув танқислиги билан ҳам юзлашишини айтишмоқда. Яқин келажакда сувга бўлган эҳтиёж 55 фоизга ортади. Бунинг натижасида сайёрамиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи сув етишмаслигидан қийналади. Айниқса, Африканинг шимоли ва жанубий минтақалари, Жанубий ҳамда Марказий Осиёда бу муаммонинг кескинлашиши кутилмоқда.