Сиз-ку ўша Икки дунёнинг азобини бахт деб келтирган. Сиз-ку ўша Сизсиз рўёнинг бахтларини дардга индирган. Сиз-ку ўша Қароғимга мунг, юрагимга дард бўлган бало, Сиз-ку ўша Сиз-ку беажал минг ажалга этган мубтало! Сиз-ку ўша…
Ўша сиз-ку… Сиз-ку тўғрими? Менинг юрагим алдаши мумкин эмас. Менинг йиллар азобида кул бўлган, ҳижронларда сарғайган ҳисларим алдаши мумкин эмас… Ўша сиз-ку… Нега жимсиз? Нега индамайсиз? Бирор нима денг… "Менман, менман ўша!” – деб айтинг. Ёлғон бўлса ҳам… Айтинг… * * * Сизни соғинганман. Кўзларингизни… Ахир у кўзларда мен ўзимни кўрардим. У кўзлар меники эди. У кўзларда меҳр, соғинч, ишқ бор эди. Бизга, иккимизга тегишли ишқ. – Биз ҳали шундай бахтли бўлайликки! Инсонлар бахт нима эканлигини бизнинг бахтимизни кўриб билиб олишсин, – кўзларингизда порлаётган муҳаббат олови юрагимга оқиб кирарди. Бахтли эдим… – Агар … – Жим бўл, тентак! Ҳеч қанақа агар-пагар йўқ, бўлмайди ҳам! Сен меники бўласан, биз албатта бахтли бўламиз! Қўлларингизга омонат илиниб турган бармоқларимни қаттиқроқ ушлардингиз, гўёки ҳеч қачон қўйиб юбормайдигандек… Бахтли эдик… Бахтимизга кўз тегмасин дея туну кун илтижо қилардим. Ахир биз каби бир-бири учун яралгандек, бир-бирисиз бир лаҳза яшай олмайдиган телба ошиқлар қайда бор эди? * * * Сиз ҳеч кимга ўхшамасдингиз. Ахир гулларни жондан ортиқ севадиган йигит қайда бор? Дунёнинг минг турфа рангдаги гуллари сизнинг мўйқаламингиз остида оппоқ матода акс этарди. – Бунча чиройли чизибсиз? Рост, гулларни сиздек моҳир тасвирлай оладиган рассом дунёда йўқ! Суратларингиздаги гуллар гўёки жонлидек, ўзидан ҳид таратиб тургандек… – Ошириб юбормагин! Мен ҳали энг гўзал гулни чизганим йўқ. Лекин насиб этса, уни албатта чизаман. У менинг шоҳ асарим бўлади… – Қайси гул экан у? – Сен! * * * Ўша кун… ўша мудҳиш кун… Оҳ, ўша хабарни эшитган қулоқларим узилиб тушса эди кошки… – Опа, Сардор акамни кўча бошида машина уриб кетибди! – Нима?! Аввал уйингизга, сўнг ўқдек учиб касалхонага қандай, қай ҳолатда етиб бордим, билмайман… Ёшларим юзимни ювиб тушар, йўлакда йиғидан шишиб қовоқлари кетган онангизни ва унинг қаршисида нималарнидир тушунтираётган докторни кўрдим-у, тилимга биринчи келган сўз шу бўлди: – Тирик…ми? – Тинчланинг қизим, бахтимизга омон қолди фақат… кўзлари… –Кўзларига нима қилибди?! – Шиша синиқлари кирган, кўз нурини сақлаб қолиш имкони бўлмади, афсус… Бир лаҳза карахтланиб ерга ўтириб қолдиму жонҳолатда докторнинг этагига осилдим. – Доктор, у рассом! Унга кўз жуда ҳам, жуда ҳам керак! Кўзлар ҳаммадан ҳам унга кўпроқ керак, доктор! – Қизим, тушунаман, бироқ… – Доктор, бир иложи бордир ахир?! Илтимос… * * * Азизим, бу шафқатсиз дунёда сизнинг борлигингизни, соғу саломатлигингизни ҳис этиб яшашнинг ўзи нақадар бахт эканлигини билсангиз эди… Сизни ўшанда ёлғон билан тарк этганим, онангизни "Сени автоҳалокатга учраганингни эшитиб, унинг энди менга кераги йўқ, деб кетди”, дейишга кўндирганим учун кечиринг… Бугун мен бу зулмат дунёда жонли мурда каби яшаяпман. Ахир сизсиз яшашнинг яшамасликдан нима фарқи бор? Фақат… ҳозир, юрагимда аллақандай ҳислар… қалбим безовта, гўёки қаршимда мен кутган, илҳақ, интизоқ кутган нигоҳлар қараб тургандек. Оҳ, кўзларимнинг йўқлиги панд бермаганда-ку…. Илтимос, агар сиз бўлсангиз… овоз беринг… ҳеч бўлмаса яқинроқ келинг. Сиз… ўша-ку, тўғрими?