Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминича, 2030 йилгача дунё бўйича деменция, яъни ақли заифликка чалинганлар сони икки баравар кўпайиб, 65,7 миллион нафарга етади. Ташкилот маълумотига кўра, ҳозир деменцияга чалинганлар сони 35,6 миллионни ташкил этади, 2050 йилгача эса бу рақам 70 фоизга ортиши кутилмоқда. Маълумки, деменцияда беморнинг хотираси бузилиб, сўз бойлиги, тасаввур ва тушунчаси, шунингдек, фикрлаш жараёни бузилади. Кўпинча деменцияга Альцгеймер касаллиги сабаб бўлади. Alzheimer's Disease International ҳисоботида келтирилишича, ҳар йили дунё бўйича 7,7 миллион кишининг ушбу дардга йўлиқиши қайд этилади, бу ҳар 4 сонияда битта янги бемор пайдо бўляпти демакдир.