Япониянинг Sony компанияси ўтган йили катта зарар кўргани учун 10 минг ходимини ишдан бўшатмоқчи. Компания 2011 йилда 6,4 миллард доллар зарар кўргани айтилмоқда, бу эса кутилганидан икки баравар кўпдир. Sony яқин бир йил ичида минглаб ходимларини ишдан бўшатиш орқали харажатларни камайтиришга эришмоқчи. Биринчи навбатда компаниянинг сотувга қўйилган бўлинмалари, шунингдек, суюқ кристалли дисплейлар чиқарадиган Samsung билан қўшма корхонаси ходимлари ишсиз қолади. Sony тарқатган баёнотда бундан кейин ҳам фото ва видео жиҳозлари, мобиль телефонлар, тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор берилиши айтилган. Сўнгги саккиз йил ичида компаниянинг телевизор ишлаб чиқариш фаолияти фақат зарар келтирган. Sony йилига 20 миллион дона телевизор ишлаб чиқарса-да, бу фойда кўриш учун етарли бўлмаган. Компания 2013 йилгача телевизорлари моделларини 40 фоизга камайтирмоқчи. Охирги пайтда Sony Жанубий Кореянинг Samsung ва LG каби компаниялари билан рақобатга дош беролмаяпти, Американинг Apple компанияси эса аудитехника ва мобиль телефонлар бозорида уни тобора сиқяпти. Маълумотларга қараганда, Япониянинг электроника ишлаб чиқарадиган яна бир компанияси – Sharp эса ўтган йили 4,7 миллиард доллар зарар кўрган.