Аёл киши учун шампун харид қилиш, айнан керакли турини топиш вақти келганда ҳақиқий муаммога айланади. Кўпгина аёлларимиз ва қизларимиз бу вазиятга тушган бўлсалар керак. Шубҳасиз, қидирган шампуннинг тури топилган, дўкондан ҳам харид қилиб уйга олиб келинган, кўриниши, устида батафсил ёзилган маълумот, харидорни тўла қониқтирган десак ҳам бўлади, лекин амалда эса шампундан фойдалангандан сўнг кутилган натижа бўлмаган. Натижада қанча пул сарфлаганига қарамай, кўнгли ўксигани қолади. Аммо ҳар доим ҳам шампун ишлаб чиқарувчилардан хафа бўлманг, кимдан хафа бўлай дейсизми, албатта, ўзингиздан-да, чунки сиз сочларингиз ёки унинг терисига тўғри келмаган шампун танлаганингизда мана шундай кутилмаган натижа келиб чиқиши мумкин.
Олдиндан билиб олинг Агар юз терингиз қуруқ бўлса, сочлар ҳам қуруқ бўлишга мойилдирлар. Ёки бунинг акси, юз териси ёғли бўлса, у ҳолда сочлар ҳам шу турга мансуб бўлиши кузатиб келинган. Одатда нормал кўринишдаги сочларга ювилгандан сўнг уч кун давомида силлиқ, тоза ва ялтираб турадиганларни киритиш мумкин. Баъзи ҳолларда сочларнинг аралаш турлари ҳам учрайди, албатта, бу ранглар маъносида эмас. Сочлар ва бош терисининг тури бошдаги ҳамда бутун танамизнинг ёғ безлари иши билан боғлиқ бўлади. Эркакларнинг сочлари эса аксарият ҳолларда ёғли бўлишга мойил. Бу уларнинг гормонал ва генетик тузилиши билан боғлиқдир.
Шампунни қандай тўғри танлаш лозим? Шампунни энг аввало сочларингизнинг турига боғлиқ равишда харид этишингиз лозим. Ундан ташқари, сотиб олаётган шампунингиздан қандай натижа кутмоқдасиз, ана шуни олдиндан аниқлаб олинг. Масалан, сочларингиз бўялган, дейлик. Улар анча қуруқ бўлиб, бош териси буялгандан сўнг азият чеккан. Бунда сизга бўялган сочлар учун мўлжалланган шампун тўғри келади. Улар бўялган сочлар учун махсус шампун деб аталади. Унинг таркибига турли мойлар, жумладан, намлантирувчи воситалар: кокос ёки зайтун ёғлари бўлади. Ундан ташқари, айрим шапунлар таркибида мавжуд бўлган В5 провитамини (пантенол) ҳам намлаштирувчи хусусиятга эга бўлиб, бош терисини юмшатади. Е витамини сочларнинг рангини ҳамда бош терисини ҳимоя қилади, UV-фильтрлари билан биргаликда сочларни бўяш жараёнидан сўнг бош терисининг тез тикланишига ёрдам беради. Агарда шампун харид қилишда сочларингизнинг ўсишини ният қилган бўлсангиз, у ҳолда шунга мувофиқ бўлган ҳажм бағишловчи шампунга эътиборингизни қаратишингиз табиий. Шампунга бундай хислатни кератинлар бағишлайди, улар сочларни ювиш жараёнида уларга оро бериш воситаси сифатида таъсир этади. Сутли протеинлар, юқори молекуляр полимерлар билан ҳамкорликда ҳар бир соч толасини махсус қобиқ билан ўраб чиқиб, уларни тез ўсишига ёрдам беради. Қуруқ сочлар махсус парваришга жуда муҳтождир. Улар учун фақат махсус қуруқ сочлар учун деган ёзувли шампунлар харид қилиш керак. Турли мойлар соч толаларини кўринмас ҳимоя қатлами билан ўраб олиб, уларга силлиқлик ва тарангликни қайтаради. Пантенол ва биотин эса бош териси ҳамда сочларни намлантирибгина қолмай, бош терисининг қуриши, тери кўчиши, сочларнинг гуллаб кетиши ва тўкилишидан асрайди. Камола Аҳмедова тайёрлади.