"Ревани” ширинлиги (турк ошхонасидан) Керакли масаллиқлар: 4 дона тухум, 1 ст. қатиқ, 1 ст. кунгабоқар ёғи, 2-2,5 ст. ун, 50 гр манний ёрмаси, 1 ст. шакар, 1 чой қошиқ истеъмол содаси ва 1 дона лимон. Шарбати учун: 5 ст. сувга тенг миқдорда шакар ва яримта лимон сувини қўшамиз. Тайёрланиши: ишни ширинликнинг шарбатини тайёрлашдан бошлаймиз. Қозончага шарбатнинг барча масаллиқларини солиб, пайт оловда қайнатамиз. Бир хил масса ҳосил бўлгач, уни совитамиз. Энди шринликнинг хамирини тайёрлашга киришсак ҳам бўлади. Тухумни шакар билан аралаштириб, сўнг миксер ёрдамида кўпиртирамиз. Унга қатиқ, кунгабоқар ёғи, манний ёрмаси ва истеъмол содасини қўшиб, кўпиртиришда давом этамиз. Сўнг ун қўшиб, юмшоқ хамир қорамиз. Патнисни ёғлаб, хамирни соламиз. Уни 180 даража ҳароратдаги газ печига қўйиб, 40-45 дақиқа пиширамиз. Фақат оловни пасайтиришни унутмасак, бас. Пишгач, исталган шаклда кесиб оламиз. Сўнг совиган шарбатни олиб, усти ва ён атрофларига шимдирамиз. Устига қанд упаси, ёғи майдаланган ёнғоқ сепиб, дастурхонга тортамиз.
"Минора” салати Керакли масаллиқлар: 2 дона: картошка, сабзи ва лавлаги, 3-4 та тухум, 2-3 дона тузланган бодринг, 1 та олма, 200 мл майонез ёки сметана ва безатиш учун анор доначалари. Тайёрланиши: тухум ва сабзавотларни сувда қайнатиб оламиз. Уларни совитиб, майда тишли қирғичдан ўтказамиз. Бодрингни эса майда қилиб тўғраймиз. Юза ликопчага барча масаллиқларни кетма-кетликда тахлаб чиқамиз. Охирги қаватига лавлагини териб, устидан майонез суртамиз. Уни анор доначалари билан безатишни унутманг.
Оддийгина пицца (уй шароитида тайёрлаш учун) Керакли масаллиқлар: 500 гр ун, 0,5 чой қошиқ хамиртуруш, 200 гр сут, 250 гр қўй гўшти қиймаси, 100 гр сариёғ, 2 дона пиёз ва памидор, петрушка, қалампир ва туз. Тайёрланиши: илиқ сутга туз, хамиртуруш ва ун солиниб, юмшоқ хамир қорамиз. Уни илиқроқ ерга қўйиб, тиндирамиз. Бу вақт мобайнида пиццанинг қиймасини тайёрлаб оламиз. Қиймани майда тўғралган пиёз билан ёғда қовурамиз. Сўнг хамирни ўртача катталикдаги зувалачаларга ажратамиз. Уларни кулча сингари ёйиб, аввал ёғда қовурилган қиймани, сўнг паррак қилиб тўғралган памидорни, қалампир бўлакларини ва сариёғни соламиз. Уни кўкатлар билан безатиб, қизиб турган газ печида 25-30 дақиқада пиширамиз. Бу пицца камхарж, лекин мазали таъми билан сизларга маъқул келади, деб ўйлаймиз.
Украинча котлет Керакли масаллиқлар: 0,5 кг ёғсиз қийма, 1 та пиёз, 1 та қизил сабзи, 3 дона картошка, 4/2 буханка нон, 2 дона тухум, 100 гр пишлоқ, ёғ, туз ва зира. Тайёрланиши: 1 дона картошка ва 2 дона саримсоқи майда тишли қиймалагичдан ўтказамиз. Буханкани эса сувга бўктириб, сўнг алоҳида идишга оламиз. Юқоридаги барча масаллиқларга тухумни қўшиб, туз ва зираворлар соламиз. Котлет қиймасини уриб, пишитиб оламиз. Тайёрланган қиймадан котлет ясаб, унинг орасига бир бўлак пишлоқ қўшамиз. Котлетларни толқонга қориб, қизиб турган ёғда икки томонини қизартириб оламиз. Алоҳида қозонга озгина ёғ солиб, картошкани паррак шаклида териб чиқамиз. Аввал картошкани, сўнг тоғ шаклидаги котлетларни жойлаймиз. Қозон четидан озгина сув қўйиб, уни 30-40 дақиқа димлаб қўямиз.