Инсон пайдо бўлибдики, аппендицит (кўричак чвалчангсимон ўсимтаси, яъни аппендикснинг яллиғланиши) билан оғрийди. Халқ тилида бу касаллик оддийгина қилиб «кўричак» дейилади. Тиб тарихчилари маълумотларига кўра, XVIII асрда Англияда Муҳаммад исмли жарроҳ кўричакни илк маротаба жарроҳлик йўли билан даволаган. Демак, ўша пайтгача кўричак билан оғриганларнинг аксарияти ўлиб кетган, аммо маълум қисми вужудида иммунобиологик хусусиятларнинг кучлилиги, катта чарвида йирингли жараённи чегаралаш хусусияти мавжудлиги боис бир-икки ҳафта дард билан олишиб, тузалиб кетган. Аксарият кишилар чувалчангсимон ўсимта одамнинг ўнг ёнбошида бўлади ва бу соҳадаги оғриқ фақат аппендицитга хос, деб ўйлайдилар. Фақат шундай бўлганда, бу шифокорларга ташхис қўйиш учун ниҳоятда енгиллик туғдирган бўлар эди! Эсда тутинг! Чувалчангсимон ўсимта ҳар 100 та одамдан 60-70 тасида айнан ўнг ёнбош соҳада, 10-12 тасида жигар остида, 14-16 тасида кичик чаноқ бўшлиғида, 2-7 тасида кўричакнинг орқасида ва ниҳоят 3-8 тасида киндик соҳасида жойлашади. Демак, бу ҳолат ташхис қўйишни мураккаблаштиради. Шунингдек, беморларнинг 30 фоизга яқинида оғриқ даставвал меъда ёки киндик соҳасида бошланиб, орадан 4-6 соат вақт ўтиб, ўнг ёнбошга силжийди. Бу Кохер-Волкович симптоми дейилади. Хуллас, қорин соҳасига оғриқ берувчи касалликларнинг сони 200 дан, ўткир аппендицитга хос аломатлар эса 150 дан ошади. Шуниси ғалатики, ҳатто қорин соҳасига умуман алоқаси йўқ, ундан анча узоқда жойлашган аъзолар ҳам қоринга оғриқ бериши мумкин. Буларнинг барчаси ташхисни мураккаблаштиради, қимматли вақтнинг беҳудага йўқолишига ва даволаш натижаларининг ёмонлашишига олиб келади. Эсда тутинг! Ўткир аппендицитда оғриқ хуружсимон эмас, балки мунтазам давом этади, борган сари кучайиб, бемор аҳволи оғирлашади. Шунинг учун болангиз қорин соҳасида оғриқдан шикоят қилса, унинг қандай намоён бўлишидан қатъи назар, мутахассисга мурожаат қилинг. Бемор аҳволининг ўнгланишини кутиб ўтириш нақадар қайғули оқибатларга олиб келишини амалиётимиздан мисол келтирамиз. 6 ёшли Б.А. клиникамизга тушишидан 3 кун муқаддам қорин соҳасида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилган, ётоқчилаган, бир марта қусган. Онаси: «Болам овқатдан заҳарландимикан», – деган гумон билан регидрон эритмасидан ичирган, мажбурлаб қустирган. Кечга бориб тана ҳароратининг кўтарилгани боис анальгин ва димедрол аралашмасидан мушак орасига юбортирган, ношпа ва ампициллин ичирган. Оғриқ бир оз босилганига қарамасдан бемор тунни нисбатан ёмон ўтказган, бир неча марта уйқуси бузилган, ичи кўкимтир тусда ўтган. Таниш инфекционист шифокор салмонеллёз гумони билан боланинг венасига 200 мл гемодез қуйган, антибиотикларни кучайтиришни тавсия этган. Ниҳоят касаллик бошланганидан икки кун ўтиб, учинчи кун деганда уни клиникамиз қабул бўлимига келтиришди. Кўрувда беморнинг умумий аҳволи ўта оғир, эс-ҳуши ўзида, қорни қаппайган ва пайпаслаганда оғриқли, тана ҳарорати 39 даража эканлиги аниқланди. Беморга «аппендикуляр перитонит» ташхиси қўйилиб, шошилинч даво муолажалари ўтказилди ва операция столига ётқизилди. Қориннинг ўрта оқ чизиғи бўйича кесим қилиниб, очиб қаралганда қорин бўшлиғида кўп миқдорда нажас аралаш бадбўй йиринг борлиги, йиринг унинг барча анатомик соҳаларига тарқалганлиги маълум бўлди. Беморда чувалчангсимон ўсимта ёрилиб кетиб, оғир асорат – йирингли-нажасли перитонит ривожланган экан. Катта қийинчиликлар билан беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришдик. Бола 1 ой мобайнида даволанди. Энди бемор умрининг охиригача тўш остидан чов соҳасигача чўзилган улкан операциядан кейинги чандиққа қараб, ота-онасининг бепарволигидан ўкиниб юрса керак. Агар беморни икки кун олдин шифохонага келтиришганда ўнг ёнбош соҳасидаги 3 см.лик кесим орқали чувалчангсимон ўсимтани олиб ташлаш мумкин эди. Болалар қандай хасталик билан оғришларидан қатъи назар, вақт омили жуда катта аҳамиятга эга, буни ҳеч қачон унутмаслик керак.