"НАФИС” ШИРИНЛИГИ Масаллиқлар: 200 гр сариёғ, 1,5 ст. шакар, 3 та тухум, 1 ст. қатиқ, 1 ош қошиқ истеъмол содаси ва сирка, керагича ун. Начинкаси учун: 1 ст. ўрик (ёки хоҳишга кўра) мураббоси, 0,5 ст. шакар ва ёнғоқ. Тайёрланиши: ишни қатиққа сиркада "ўлдирилган” истеъмол содасини солишдан бошлаймиз. Унга тухум ва шакарни солиб, шакар эригунига қадар аралаштирамиз. Алоҳида идишга ун ва сариёғни солиб, уқалаймиз. Сўнг икки идишдаги масаллиқларни бирлаштириб, юмшоқ, лекин қўлга ёпишмайдиган хамир қорамиз. Начинка учун ажратилган барча масаллиқларни бир идишга солиб, бир хил масса ҳосил бўлгунча аралаштирамиз. Хамирни бироз тиндириб, уни ёнғоқдек зувалачаларга бўлиб чиқамиз. Уларни ёйиб, орасига начинкани солиб, ярим ой шаклида ўраймиз. Бундай ширинликни чучвара шаклида ҳам ўрасангиз, у дастурхонингизнинг кўркига айланади. Муҳими, газ печида начинка ташқарига чиқиб кетмаслиги керак. Ширинликни газ патнисига жойлаб, 30-35 дақиқа мобайнида пиширамиз. Бироз совиган ширинликларга қанд упаси сепсангиз, янада мазали бўлади.
"ЦЕЗАР” САЛАТИ Масаллиқлар: 200 гр товуқ гўшти, 150 гр пишлоқ, 50 гр зайтун меваси, 100 гр қотирилган нон, 2 дона тухум, салат барги ва майонез. Тайёрланиши: товуқ гўшти ва тухумни сувда пишириб оламиз. Сўнг салат баргини яхшилаб ювиб, уни майда самонча шаклида тўғраймиз. Товуқ гўшти ва тухумни ҳам худди шу шаклда тўғраб оламиз. Унга қотирилган нон ва паррак шаклида тўғралган зайтун мевасини майонез билан бирга аралаштирамиз. Тузини ростлагач, уни бирор ликопчага жойлаймиз. Сўнг қирғичдан чиқарилган пишлоқ ва зайтун доначалари билан безатамиз.
"КАМАЛАК” РУЛЕТИ Масалликлар: 400 гр творог, 2 дона лавлаги, 4 дона сабзи, 2 та тухум, 60 гр манний ёрмаси, 2 ош қошиқ ун ва шакар, 200 гр ўрик қоқиси ва озгина толқон. Тайёрланиши: Сабзи ҳамда лавлагини сувда пишириб оламиз. Сўнг сабзавотларни пўстлоғидан арчиб, қирғичдан ўтказамиз. Ун ва тухумни ҳам аралаштирамиз. Аввалдан ўрик қоқисини совуқ сувга ивитиб олинишимиз керак. Кейин сувдан ажратиб олинган ўрик қоқиси ҳам майда шаклда тўғраймиз. Алоҳида идишда творог, шакар, манний ёрмасини аралаштириб оламиз. Махсус зарқоғозга толқон сепиб, аввал сабзавотли аралашмани, сўнг творогли аралашма ва ниҳоят майдаланган ўрик қоқисини териб, рулет шаклида ўраймиз. Уни газ печига қўйиб, 30 дақиқа пишириб оламиз. Бу таом нафақат иштаҳа очади, шу билан бирга, дармондориларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради.