Кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 67 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронлари моддий рағбатлантириш мақсадида уларга 400 000 сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериладиган бўлди. Мукофотларни топшириш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Пул мукофотларини тантанали ва байрамона вазиятда топширишни таъминлаш Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Мудофаа ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати ва Марказий банк зиммасига юклатилган.