Миллиардер тадбиркор ўз активларини бириктирадиган янги холдингнинг тоғ-кон саноати, телекоммуникация, интернет ва ОАВ, молия ҳамда инвестиция соҳаларида фаолият юритадиган гигант ташкилот бўлишини режаламоқда.
Бу холдингнинг йиллик даромади тахминан 25 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.
Ҳозирдан шунинг ҳисобини олаётган Алишер Усмонов холдинг бошқарувида актив фаолият юритмаслигини айтмоқда.
Россиянинг энг бой тадбиркори даражасига эришган Усмонов бизнесдан толиққани ва холдинг бошқарувини энг ишончли издошларига топширишини айтмоқда.
"Ҳозир ҳар бир актив алоҳида менежерлар гурухи бошқарувида ва бу гурухлар акциядорлардан мустақил бўлиши керак. Мен эса акциядор сифатида бошқарув ишларига чуқур киришмоқчи эмасман", деган, жумладан, Алишер Усмонов Би-би-си радиоси рус хизматига берган интервюсида. Йирик холдинг тузиш режаси ҳақида Усмонов илк бор шу йилнинг апрел ойида Forbes журналига берган интервюсида оғиз очган эди.
Ушбу холдингга унинг асосий акциядорлари номлари бош ҳарфларини бирлаштирган шаклда USM Holding, деб ном беришга қарор қилинган.
Яъни, булар акцияларнинг 50 фоизига эгалик қиладиган Алишер Усмонов, 30 фоизига эгалик қиладиган "Ягона Россия" партиясидан Давлат Думасига сайланган депутат Андрей Скоч, 10 фоизига эгалик қиладиган британиялик тадбиркор Фарҳод Моширийлардир.
Холдинг раҳбарлиги эса Усмоновнинг яқин сафдоши Иван Стрешинскийга берилади.
Forbes журналининг русча нашри шу йил апрел ойида Алишер Усмоновни Россиядаги энг йирик миллиардер, деб эълон қилган ва шу йил Усмонов илк бор бу рўйхатнинг бошига чиққан эди.
Forbesнинг ҳисоб-китобича, Усмоновнинг бойлиги 18 миллиард 100 миллион АҚШ долларига тенгдир.
Аммо, Bloomberg агентлиги тахминича, тадбиркорнинг бойлиги 20 миллиард 100 миллион АҚШ доллари атрофида.