Энг қиммат клип Муниса Ризаеванинг "Голливуд" қўшиғига олинган.
Бугунги шоу-бизнесдаги қўшиқ ва клип яратиш нарх-наволари қандай? Бу борада журналистик суриштирув олиб бордик.
ҚЎШИҚНИНГ НАРХИ ҚАНЧА? Суриштирувни қўшиқ ёзиш жараёнидан бошлашга қарор қилдик. Хўш, бугунги бастакорлар, шоир ва аранжировка усталарининг хизмат ҳақи қанча? · Бугунги куннинг энг кўзга кўринган хонадалари қўшиқларига мусиқа ёзиб бераётган таниқли бастакорлар ўртача 300-1500 АҚШ долларигача ҳақ олишар экан. · Ёзилган қўшиққа мусиқий безак берувчи аранжировкачилар эса ўз меҳнатлари учун 200-500 АҚШ долларигача пул олишади. · Бу учлик ичида шоирлар энг кам хизмат ҳақи олишар экан. Яъни уларга битта шеър учун 50-200 АҚШ долларигача ҳақ тўланади. Юқоридаги ижодкорлар бир қўшиқни тайёр ҳолига келтириши учун 3 кундан 1 ойгача вақт талаб этилади. Шунингдек, тайёр маҳсулотларни овозлаштириш учун энг сўнгги замонавий мусиқий ускуналар билан таъминланган овоз ёзиш студиялари ўртача 100 АҚШ доллари талаб қилишади.
ТЕХНИКА-ЧИ? Эндиги босқич эса тайёр бўлган қўшиққа клип суратга олиш. Хонандалар асосан уч хил кўринишда клип ишлашга одатланишган. Биринчиси, мукаммал, ҳаётий, ўтиркир сюжетга эга бўлган клип, иккинчиси қиммат декорация ва ноодатий кўринишларда тайёрланган трек йўналишидаги клип. Учинчиси эса, бугунги кунда жуда оммалашган, яъни ҳам саёҳат, ҳам тижорат кўринишидаги клиплар! Бунда хонандалар хорижий давлатларга саёҳатга боришганда, маълум бир қўшиққа тўғри келадиган лавҳаларни суратга олиб келишади. Энди бир клипни суратга олишга сарфланадиган харажатларни ўртача ҳисобини олсак. Маълум бўлишича, суратга олиш учун фойдаланиладиган ҳар бир техника бир "смена”, яъни 8 соатга берилади. Ундан неча соат фойдаланишдан қатъи назар ижара ҳақи тўлиқ тўланади. Видеокамера. Бугун аксарият клипларда "МАРК-5” русумли фотокамералардан фойдаланиляпти. Бу русумдаги камераларнинг 8 соатли ижараси учун 100-150 АҚШ доллари тўланади. Бошқа русумдаги камералар 100 АҚШ долларига ижрага берилади. "Кран” — Клипдаги кадрларни баланддан суратга олишда ушбу мосламадан фойдаланилади. Унинг ижараси — 100 АҚШ доллари. "Рельс” — Клиплардаги юриш-югуриш ҳаракатларини суратга олиш учун тасвирчилар "рельс”дан фойдаланишади. Унинг бир "смена”лик ижараси камида 50 АҚШ долларини ташкил қилади. Чироқдан фойдаланишнинг ижараси эса — 20-150 АҚШ доллари. Шунингдек, техникаларни бир жойдан бошқа жойга олиб бориш учун махсус машиналардан фойдаланилади. Улар учун 100 минг сўм атрофида ҳақ тўланади. Нарх клип суратга олинаётган жойнинг узоқ-яқинлигига қараб ўзгаради.
КЛИП ТУРИГА ҚАРАБ НАРХЛАНАДИ · Клип трек йўналишида суратга туширилганда клипмейкерлар декорациядан кўп фойдаланишади. Бугунги кунда бир кўринишдаги декорациянинг ўртача харажати — 500-1500 АҚШ долларни ташкил этади. Кўпинча клипмейкерлар тайёр декорациядан, турли қаҳвахона, ресторан, меҳмонхона ёки шунга ўхшаш чиройли кўринишдаги жойлардан ҳам фойдаланишади. Махсус танланган масканнинг ижараси учун ўртача — 100-1000 АҚШ доллар пул ажратилади. · Суратга олинган кадрларни саралаш ва уларни воқеаларга қараб жойлаштиришни монтаж устаси бажаради. 3-4 дақиқали оддий клипнинг монтажига 200 АҚШ доллар ҳақ тўланса, мураккаб монтажга 400-500 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. · Клипларда компьютер графикаларидан фойдаланилганда 200-800 АҚШ доллари сарфланади. · Клипда хонанданинг либоси, соч турмаги-ю, макияж ва гримларини назорат қилувчи стилист-дизайнерларнинг иши учун ўртача 100 АҚШ доллари тўланади.
ИЖОДИЙ ГУРУҲ Одатда режиссёрга барча харажатларни инобатга олган ҳолда пул тўланади. Яъни, режиссёр техникаларни ижарага олиш, техник ва ижодий гуруҳга гонорар ажратиш ва бошқа барча молиявий масалаларни ўзи ҳал қилади. Шундай қилиб, трек йўналишидаги битта клип барча харажатларни инобатга олганда ўртача, 2000-3000 АҚШ долларини ташкил этади; Сюжет йўналишидаги клип учун эса, 3000-4000 АҚШ доллари сарфланади. Клипнинг мураккаблигига қараб нархлар 10.000-15.000 АҚШ долларигача ошиши мумкин. Шунингдек, тайёр бўлган маҳсулотни радио-телевидениеда "айлантириш” учун хонандалар ҳар ойда 5000-6000 АҚШ доллари сарфлар экан. Клипнинг муваффақиятни белгилаб берувчи яна бир омил, бу – унда таниқли актёр-актирисанинг иштирокидир. Улар учун тўланадиган гонорарни ҳам аниқлашга ҳаракат қилдик. Бугунги кино ва театр вакиллари ўз ҳамкасбининг 5 дақиқалик клипида суратга тушиш учун 100 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача гонорар олишар экан. Гап исботи билан... Мавзудан келиб чиққан ҳолда бугун томошабинлар орасида оммалашган, ўз рейтингига эга бўлган клипларни мисол тариқасида келтириб ўтсак... "Энг қиммати - чет элда!” Хонанда Умар Шамсиев ижросидаги "Ҳей, Лейли” номли қўшиқнинг яралишида умумий ҳисобда 3000 АҚШ доллар сарфланган (Кимга, қанча миқдорда пул берганини аниқ айтишни истамаган хонанда, фақат қўшиқнинг ўзига сарфланган маблағни айтди, холос). Маълумки, бугун хонандалар ўртасида чет элда клип суратга олиш жуда оммалашган. Умар Шамсиевнинг мазкур қўшиғига ишланган клип ҳам Дубайда суратга туширилган. Умар Шамсиев: — Фикримча, чет элда клип суратга олиш биз хонандалар учун бир мунча қимматга тушади. Сабаби, бутун ижодий гуруҳнинг сафарга сарф бўладиган йўл ҳақи, меҳмонхона хизмати ва бошқа харажатларни санъаткор ўз зиммасига олади. Бир қарашда оддийгина, чет эл кўчаларида шунчаки суратга олингандек кўринган клипнинг ўзига яраша харажатлари бор. Хонанданинг айтишича, "Ҳей, Лейли” клипини суратга олиш учун Дубай сафарига учта ижодкор борган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 700-800 АҚШ долларига чипталар харид қилинган. Клипнинг техник таъминоти учун 1000 АҚШ доллари сарфланган. Биргина "Ред” русумидаги камера учун ўртача 350-500 АҚШ доллари тўланган. Ҳозирча энг қиммат клип Сўнгги пайтларда ўзига хос қўшиқ ва клиплари билан назарга тушган Муниса Ризаеванинг "Голливуд” қўшиғига ишланган клип бугунги куннинг энг катта бюжетли клипларидан бири саналади. Бу клип учун умумий ҳисобда 10.000 АҚШ доллари сарфланган. Бундан 3600 АҚШ доллари хонанданинг ва клип иштирокчиларининг либоси ва макияжи учун, қолгани клипмейкер Наримон Султонхўжаев ва бошқа харажатларга сарф этилган. "Гап пулда эмас” Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева ўзининг "Олма, анор” клипи учун 3500 АҚШ доллари сарфлаган. Умумий маблағдан 200 АҚШ доллари стилистнинг хизмати учун тўланган бўлса, хонанда либосларининг ҳар бири учун эса 400 минг сўмдан ҳақ тўлаган. Қолган маблағ турли сарф-харажатлар ва режиссёрга тўланган.
Мавлуда Асалхўжаева: — Клипга қанча пул сарфлаш унинг сифатини белгилаб бермас экан. Сабаби, ижодим давомида 3500 АҚШ долларидан кўпроқ пул сарфлаган клипларим ҳам бўлган. Аммо яхши мутахиссис танламаганим сабаб, катта маблағ сарф этилган клипларим ҳатто эфир юзини ҳам кўрмаган пайтлар бўлган. Айтмоқчиманки, бу ишда ўз ишининг устасига мурожаат этиш керак экан.