Сизнинг эътиборингизга иккита мавзуни тақдим қиламиз. Уларни ўқинг ва фикр билдиринг. Фикрингиз биз ва айнан мана шу мухлислар учун муҳим. Сабаби, сиз қолдирган муносабатларни улар "Даракчи" газетаси орқали ҳам ўқишади...
САБРНИНГ ТАГИ...
Ушбу воқеани бир таниш аёл айтиб берганди. Ундан жуда таъсирлангандим. Ўйлайманки, ҳаммага ибрат бўлади...
- Ота-онамнинг қаршиликларига қарамай, ўзим истаган, кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқдим, - деб гап бошлаганди ҳалиги аёл. - Биз жуда бахтли оила эдик. Ҳаммани ҳаваси келарди. Орадан йиллар ўтиб ўғлим туғилди. Бахтимга бахт қўшилди. У вояга етиб, чет элга ўқишга кетди. Айни ўша дамларда турмуш ўртоғим ўзгарди. Кеч келар, ичар, кейин арзимас нарсалар сабаб жанжаллашардик. Баъзида урарди. Охири ундан буни сабаби сўрадим. Бошқасини топиб олган экан. У уйдан чиқиб кетди. Суриштирдим, у топган аёлни ҳеч ким яхши демади.
Аёлнинг қўлидан нима ҳам келарди. Индамадим. Сабр қилдим. Лекин роса сиқилардим. У аёлнинг мендан ортиқ жиҳати бормикан? деб ўйланардим. Орадан анча йиллар ўтиб турмуш ўртоғим қамалиб қолди. Ҳалиги аёл ундан воз кечди. Яна ўзим балогардон. Орқасидан бориб хабар олиб турдим. Ахир боламнинг отаси. Ҳар борганимда у қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, фақат кечирим сўрарди. Озодликка чиққач ҳам тўғри уйга келди. Қарасам, эшик ёнида кириш-кирмаслигини билмай турибди. Киринг, ўз уйингиз-ку! дедим. Ўзини анча олдириб қўйган экан. Даволанди, фойдаси бўлмади. Охири мендан минг бора кечирим сўраб вафот этди. Уни кечирдим. Чунки барибир унга нисбатан меҳрим бор эди.
Шоира Ҳасанова. Булунғур тумани
ЖАНЖАЛ ИСТОВЧИ ҚАЙНОНА
Баъзилар қайнонасини мақтаса, миннатдор бўлса мен ўкинаман...
Сабаби, менинг қайнонам келинларини сира қиз ўрнида кўрмаган. Меҳр бермаган. Уч овсинмиз. Аммо бирортамизни ҳали яхши келин демаган. Ўтирсак ўпоқ, турсак сўпоқ бўлавергач, рўзғоримизни бўлак қилганмиз. Мени эса арзимас сабаб билан ўзлари уйдан чиқариб юборди. Бўлмаса, кенжа келинман. Мен кетгач, қийналишини биларди. Барибир, кўзига ҳеч нарса кўринмади. Боламга қараб ўтирганим туфайли, газда турган сутнинг тошиб кетганини билмай қолибман. Ҳамма жанжал шундан чиқди.
- Сен келгандан буён рўзғордан барака кетди. Шумқадам, - деди.
У бўлди, бу бўлди, ота уйимга келдим. Бир ҳафтадан кейин қайнотамнинг туғилган куни эканини билардим. Шу муносабат билан ҳамма йиғиладиган бўлибди. Яна қайнонамнинг ҳам мазаси йўқлигини айтишди. Гулнор, туғилган кун баҳона кел, ойимдан кечирим сўра, ҳаммаси изига тушади, деди эрим. Гапини икки қилмадим. Ростдан ҳам қайнонам ётиб қолган экан. Ёнига кириб, ҳол сўрадим, ойи, ёшлик қилдим, кечиринг, дедим ҳеч айбим бўлмаса-да. Шу билан дастурхон тузатишга тушдим. Ҳамма йиғилди. Ўша пайтда қайнонам нима дейди денг: Гулнора, боя айтган гапларингни бир шу ерда ҳам такрорла-чи, агар ўғлим билан ярашмоқчи бўлсанг...
Қотиб қолдим. Ойи, мен ўғлингиз билан уришганим йўқ. Уришмаган одам қанақа ярашади? деганимни билмай қолдим.
- Мана, бунинг тили бир қулоч! Безбет бу! - дея бақира кетди.
- Айбим бўлса, кечиринг. Мен ҳамманинг олдида кечирим сўрашдан уялмайман. Аммо ўғлингиз билан уришганим йўқ-ку! - дея тушунтиришга уриндим.
Афсус... Қайнонамга жим туриб ҳам бас кела олмайсиз. Жим турсангиз писанд қилмайсан, деб қолади. Шу воқеадан кейин жанжал истаган одам ҳар қанақасига йўлини топа олишини англаб етдим.